Тошкент пропискасидаги ўзгаришлар Мудофаа вазирлиги ходимларини ҳам четлаб ўтмади

Мудофаа вазирининг буйруғида фақат юқори малакали ва тор ихтисосликдаги ҳарбий хизматчилар ҳамда ишчи ва хизматчиларни лавозимда турадиган даврга прописка қилиниши лозимлигига эътибор қаратилиши таъкидланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 окт - Sputnik. Мудофаа вазирлиги ходимларини Тошкент шаҳрига доимий прописка қилиш тартиби ўзгарди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.

Бир сўмга "прописка" ёхуд қандай қилиб тошкентликка айланиш мумкин

"2018 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Раҳбарлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ходимларни доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарор қабул қилинди", - дейилади хабарда.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда ишчи ва хизматчиларини доимий прописка қилиш тўғрисида ички ишлар органларига илтимоснома киритиш ваколати мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари зиммасига юкланган.

Ушбу қарор ижросига қаратилган мудофаа вазирининг буйруғида фақат юқори малакали ва тор ихтисосликдаги ҳарбий хизматчилар ҳамда ишчи ва хизматчиларни лавозимда турадиган даврга прописка қилиниши лозимлигига эътибор қаратилиши таъкидланган.

Прописка қилиш учун асосланмаган илтимосномалар киритган, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ҳамда ишчи ва хизматчиларнинг лавозимдан озод қилинганлиги, бошқа ишга ўтганлиги ёки пенсияга чиққанлиги тўғрисида ўз вақтида хабар бермаган командир ва бошлиқлар бунга шахсан жавобгар бўлиши огоҳлантирилган.

Қайд этилишича, доимий прописка қилиш тўғрисидаги илтимоснома тегишли ҳужжатлар билан бирга қатъий равишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси орқали киритилади.