ТОШКЕНТ, 25 окт - Sputnik. “Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ушбу қарор лойиҳаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланди.
Қарор лойиҳасида ёзилишича, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини ҳар йилда ўн икки балл асосида баҳолаб борилади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолати йил бошидан шу йилнинг якунига қадар берилган 12 баллдан айириб ташлаш орқали ҳисобланади.
Ҳайдовчи томонидан йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) берилган 12 бал 0 ва ундан паст бўлганда, ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтказилади.
Ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтган тақдирда, йил якунига унга бир маротаба қўшимча 3 балл берилади.
Йил якунига қадар берилган балл сарфлаган, шунингдек қўшимча имтиҳонни топшира олмаган, ҳайдовчилар суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларга бериладиган 12 балл фақат бир йил мобайнида, яъни йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврига қадар амал қилади ҳамда сақланиб қолган баллнинг кейинги йилга ўтказилишига йўл қўйилмайди.
Қарор лойиҳасида Молия вазирлиги билан биргаликда жарима баллари сарф қилиб бўлган ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон топширишда тўланадиган тўловлар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўтказиш белгиланган.
Қарор лойиҳасига Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.
Қарор лойиҳаси 9 ноябргача муҳокама қилинади.