"Катта пойга": Ўзбекистон учун Россия билан кимўзарга бел боғлаган АҚШ

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган инвестиция ҳамда товар айрибошлаш кўрсаткичларида Россияга етиб олиш ҳақида жиддий бош қотирмоқда. Москва имзолагандан кўпроқ келишувлар ва шартномаларни имзолаш режаси ҳақида Тошкентда ўтказилган иккиёқлама бизнес-форумда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм гапирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik. Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкентда ўтказилган ва катта шов-шувларга сабаб бўлган Ўзбекистон-Россия минтақалараро форуми якунланганига кўп вақт ўтмай, бугун, 23 октябр куни Ўзбекистон пойтахтида Америка бизнес доиралари вакиллари иштирокидаги бизнес-форум ташкиллаштирилди.

Тадбирда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва илк маротаба АҚШ савдо вазири Уилбур Росс иштирок этишди.

Бир кун олдин Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев Кэролин Лэмм бошчилигидаги Америка-Ўзбекистон савдо палатаси делегациясини қабул қилиб, учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аввало, технологиялар соҳасидаги шерикликни ривожлантиришнинг аниқ истиқболларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган эди.

Сафоев ўзбек-америка муносабатларининг янги босқичи ҳақида гапирди

Форумни очиб берган Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўз нутқида "88 та америка компаниялари Ўзбекистонга келиб, бизнесни ташкил этиши кеча қийин масала бўлганини", аммо бу ўзгаришлар 2та муҳим омил асосида амалга ошаётганини айтди.

"Катта пойга": Ўзбекистон учун Россия билан кимўзарга бел боғлаган АҚШ

Сафоевга кўра, биринчи омил бу - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 йил давомида амалга оширган, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан модернизация қилишга қаратилган таъсирчан ислоҳотлар бўлиб, бунинг натижасида америкаликлар Ўзбекистонга дадил кириб кела олишлари учун қулай шароитлар яратилган.

Сенатор иккинчи омил сифатида бугунги форум, яъни АҚШ томонидан билдирилаётган қизиқишни кўрсатиб ўтди. Сафоевнинг айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган учрашув иккиёлама муносабатларга янгича руҳ берган. "АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистонга келгани, бугун шу тадбирда иштирок этаётгани - мана шундай презент иккиёқлама муносабатларнинг янги босқичидан далолат беради", - деди сенатор.

Холмуродов америкаликларни инвестиция киритишга чорлади

Бош вазир ўринбосари, Инвестиция бўйича Давлат қўмитаси раиси Сухроб Холмуродов бизнес-форум иштирокчиларини қутлар экан, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс иккиёқлама муносабатлар тарихида илк маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрганига урғу берди.

АҚШ Россияга қараганда Ўзбекистонга кўпроқ инвестиция киритмоқчи

Холмуродовнинг сўзларига кўра, АҚШ савдо вазири Ўзбекистонда чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича тизимли равишда қулай шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлаб, Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришдан томонлар бирдек манфаатдорлигини қайд этиб ўтган.

Инвестиция қўмитаси раҳбари Ўзбекистонда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг янгича йўналишлари шакллантирилаётганини айтди ва Ўзбекистон ҳукумати чет эл инвестициялари хавфсизлигини тўлиқ таъминлашга шайлигини, улар тўлиқ ҳимоя қилинишини алоҳида қайд этди.

"Умид қиламанки, америка компаниялари раҳбарлари бугун Ўзбекистонга янгича назар билан қарашади ва ўзлари учун катта иқтисодий салоҳиятга эга лойиҳаларни белгилаб олишади", - деди у.

Холмуродов АҚШ компанияларига кимё ва нефт-кимё саноати соҳасида, геологик қидирув, қурилиш материалларини ишлаб-чиқариш, агросаноат мажмуалари соҳаларига инвестиция киритишни таклиф этди.

"Қадимий шаҳарларимиз - Самарқанд, Бухоро ва Хивада туризм, меҳмонхона бизнеси инфратузилмаларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Барчангизни шиддат билан ривожланаётган туризм соҳасидаги ноёб имкониятдан фойдаланишга ва лойиҳаларда иштирок этишга чақирамиз", - деди Бош вазир ўринбосари.

АҚШ Россия билан пойга ўйнамоқчи

Форумда сўзга чиққан Америка-Ўзбекистон савдо-палатаси раиси Кэролин Лэмм АҚШ Ўзбекистон билан савдо ва инвестицион ҳамкорликни оширмоқчилигини баён этди.

Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форумида 2,5 миллиард долларлик битимлар имзоланди

Лэммнинг таъкидига кўра, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари катта масофани босиб ўтди.

"Аммо бу йил ушбу муносабатларда ўзгача йил бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан бошлаб, унинг Трамп билан учрашувигача. Президент бизнинг компанияларимиз билан учрашиш учун вақтини аямайди. Бу бизга илҳом бағишлайди ва ишонч беради", - деди Америка-Ўзбекистон савдо-палатаси раиси.

Лэммнинг таъкидига кўра, АҚШ инвестициялар борасида Россия кўрсаткичларига етишга бел боғлаган.

"Куни кеча сенатор (Содиқ) Сафоевдан руслар кўпроқ битим имзолагани ҳақида муҳим маълумотни билиб олдик. Биз шундай қарорга келдикки, инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги кўрсаткичини ошириш учун кўпроқ ишларни амалга ошира оламиз. Ўзбекистон билан меморандумларимиз - бу фақат бошланиши, биз фақат олдинга ҳаракат қилмоқдамиз", - деди Лэмм.

Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раисининг сўзларига кўра, америка компаниялари Ўзбекистондаги лойиҳаларга 9 миллиард доллардан кўпроқ маблағ тикишга тайёр.

"Катта пойга": Ўзбекистон учун Россия билан кимўзарга бел боғлаган АҚШ

Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида тўрт асосий спикерлардан бири бўлган - АҚШ савдо вазири Уилбур Росс ҳам тадбир иштирокчилари қаршисида нутқ сўзлади.

Росс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, "бундай ислоҳотлар мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилашига хизмат қилишини", "бундай ўзгаришлар ўсиш ва фаровонликнинг янги даврига олиб боришини" қайд этди.

Шунингдек, АҚШ Савдо вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича иш олиб бораётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Амалдаги ишлар

Энди фактларга ўтсак. Илгарироқ, юқорида таъкидлаганимиз каби, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Кэролин Лэмм республикага киритиладиган инвестициялар ҳажми 5 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини айтган эди. Аммо жорий йилнинг 9 ойи мобайнида бу инвестициялар бор-йўғи 332 миллион долларни ташкил қилди.

Америкаликлар ҳозирча меморандумлар билан чекланиб турган бир вақтда, Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга расмий ташрифи рекорд даражадаги икки томонлама битимлар ва инвестиция борасида энг йирик таклифлар билан ёдда қолди. Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий ҳажми 27,1 миллиард долларлик 800дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 6 миллиард долларни ташкил этади, томонлар тез орада бу кўрсаткични 10 миллардга етказишни режалаштирмоқда.

Путин ташрифи мақсади: Ўзбекистон ва Россия I минтақалараро ҳамкорлик форуми якунлари

Қолаверса, Ўзбекистонга ўз товарлари ва хизматларини экспорт қиладиган мамлакатлар рўйхатида ҳам АҚШ ҳатто биринчи ўнталикдан жой эгалламаган.

Россия Федерацияси экспорти умумий савдо трафигидан 20%ни ташкил қилса, АҚШ 1,4% кўрсаткич билан Украина билан бу позицияни бўлишмоқда ва ҳатто Латвиядан кейинги ўринда жой олган.

Россия – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестицион ҳамкорларидан биридир. Ўзбекистон Россияга ўз мева-сабзавотлари, автомобиллари ва текстил маҳсулотларининг каттагина қисмини экспорт қилади.

РФ бундан ташқари, Ўзбекистондаги йирик инвестлойиҳаларда иштирок этади. Бугунги кунда Россия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларга киритган маблағлари 9 миллиард долларга яқинлашмоқда. Уларнинг энг йириги нефт-газ соҳаси, шунингдек, энергетика лойиҳалари билан боғлиқ.