Машинадан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олишни бекор қилиш таклиф этилди

Қайд этилишича, автотранспорт воситаларидан фойдаланишда яқин қариндошларнинг бир-бирига ишончнома бериш тартибини бекор қилиш керак.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш тўғрисида мурожаат “Менинг фикрим” порталида жойлаштирилди.

Ўзбекистонда машина ойнасини қорайтиришга рухсат берилади: тўлови 15,5 миллион сўм

“Машинаси бор одамлар яхши билади. Бизда шундай тартиб белгиланганки, оила аъзолари, яқин қариндошлар бир-бирининг машинасидан махсус ишончномасиз фойдалана олмайди. Соддароқ айтсак, битта уйда, ҳовлида яшасак ҳам мен отамнинг, отам менинг номимга расмийлаштирилган автотранспортдан фойдаланиши учун анча вақт ва пул сарфлаб ишончнома олишимиз шарт. Ака-укалар, опа-сингиллар билан ҳам худди шундай аҳвол. Бу ҳам оилавий бюджетга зарар, ҳам ҳужжат тайёрлаш учун кўп вақт сарфлайсиз. Бегона одамларга ишончнома беришни тушуниш мумкиндир, лекин ота-она боласи, ака-ука, опа-сингил бир-бирига ишончнома бериши, очиғини айтсак қадриятларимизга ҳам, менталитетимизга ҳам тўғри келмайди”, - деб ёзган мурожаат муаллифи.

Муаллиф фикрига кўра, 1990-йилларда машина ўғирлаш билан боғлиқ воқеалар кўп эди. Балки ўша пайтда бу тизим ўзини оқлагандир.

“Лекин ҳозиргидай юртимиз инновацион жиҳатдан ривожланиб бораётган, “Хавфсиз шаҳар” тизими ишга туширилган, йўлларимизда видеокамералар ишлаб турган пайтда бунақа ишончнома бериш тартибига зарурат бормикан”, - дейилган мурожжатда.

Қайд этилишича, автотранспорт воситаларидан фойдаланишда яқин қариндошларнинг бир-бирига ишончнома бериш тартибини бекор қилиш керак.

Бу ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади, оилавий бюджетга ёрдам бўлади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Ҳозирча бу мурожаатга атиги 234 та овоз берилди.