Саудия Бош прокурори журналист Хашоггининг ўлими ҳақида эълон қилди

Журналистнинг ўлими Саудия Арабистонида қатор истеъфоларга олиб келди. Саудия қироли шунингдек, қироллик разведка хизматини ўзгартириш ва қайта тиклаш бўйича буйруқ берган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Саудиялик журналист Жамол Хашогги ўлган, унинг ўлимига Истанбулдаги консулликда дипмиссия вакиллари билан бўлиб ўтган жанжал сабаб бўлган. Тегишли ахборот Саудия Арабистони Бош прокурори Сауд ал-Муажиб томонидан тарқатилди.

Саудиялик журналист Жамол Хашогги қаерга ғойиб бўлди?

"Хашогги иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов унинг ўлганини аниқлади. Қиролликнинг Истанбулдаги консуллигида Хашогги ва у учрашган одамлар ўртасидаги мулоқот жанжал ва қўл кўтаришга олиб келган, натижада бу ҳолат унинг ўлимига сабаб бўлган", - бош прокурорнинг бу сўзлари ал-Ихбария телеканалида жаранг топган.

Оммавий қўлга олишлар

Ўн саккиз нафар саудиялик фуқаролар изсиз ғойиб бўлган журналист Жамол Хашогги иши бўйича ҳибсга олинган, деб хабар қилган шунингдек Сауд ал-Муажиб.

"Маълумотларни тўплаш ва уларни оммага эълон қилиш мақсадида қўлга олинганлар устидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Улар 18 нафар ва барчаси саудия фуқароларидир", - деб қайд этган бош прокурор, унинг бу сўзлари Саудия ахборот агентлигида келтирилган.

Бош прокурор "бу ишга алоқадорларнинг барчаси қонун олдида жавоб беришини ва суд қилинишини" таъкидлаб ўтган.

Истеъфолар серияси

Саудиялик генерал Ахмд Асирий қироллик умум разведка хизмати раҳбари ўринбосари лавозимидан бўшатилган. Бундан ташқари, қироллик девонхонаси маслаҳатчиси Сауд ал-Кахтаний ҳам ўз эгаллаб турган лавозимидан маҳрум бўлган. Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд қироллик разведка хизматини ўзгартириш буйруғини берган.

Киевда ўлдирилгани айтилган россиялик журналист Бабченко аслида тирик бўлиб чиқди

Давлат раҳбари ўз фармони билан разведка хизматидаги олий мартабали офицерларни истеъфога чиқарган. Улар орасида генерал Рашид бин Хамад ал-Муҳаммадий, генерал Абдалла бин Халифа аш-Шаиа, генерал Муҳаммад бин Салаҳ, меросхўр шаҳзода маслаҳатчиси генерал Ахмад Асирийлар бор. Уларнинг барчаси қироллик махсус хизматларида юқори лавозимларни эгаллашган.

Трамп санкция киритилишини истисно қилмади

АҚШ президенти Дональд Трамп саудиялик журналист Жамол Хашоггининг ғойиб бўлишида айбдор бўлганларга нисбатан санкция киритилишини истисно этмаслигини айтган эди.

Журналистлар томонидан берилган: "Хашоггининг изсиз йўқолиши бўйича ўтказилган текширув якунига кўра санкция киритилиши мумкинми?", - деган саволга жавоб берар экан, Трамп: "Балки", — деб айтган.

Суҳбат матни Оқ уй матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Давлат раҳбари, АҚШ "буни ким, нима учун ва қандай амалга оширганини аниқлаштириши лозим", деб қўшимча қилган. Шундан сўнг, у қарор қабул қилиши мумкинлигини айтиб ишонтирган.

Журналистнинг ғойиб бўлиши

2017 йилдан Қўшма Штатларда яшаб келган, американинг Washington Post  нашрида ишлаган саудиялик журналист Хашогги 2 октябр куни изсиз ғойиб бўлган. У Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биносига кириб кетгунча, у ердан қайтиб чиқмаган.