ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Ўзбекистонда концертлар ташкилоти билан шуғулланиб келган аёл хонанда Муниса Ризаеванинг гонорарини, шунингдек, Андижон, Наманган ва Фарғона шаҳарларида хонанда концертига сотилган чипта пулларини ўзлаштириб юборган.
Ўзбекистон ИИВ хабарида айтилишича, 19 сентябрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи Д.С. исмли аёлдан ариза келиб тушган.
Аризага кўра, концерт ташкилотчиси Муниса Ризаеванинг ишончига кириб, Наманган, Фарғона ва Андижон шаҳарларида ўтказилган концерт дастуридан тушган жами 18 минг АҚШ долларига тенг гонорарни ўзлаштириб юборган.
Фирибгарликда гумон қилинаётган аёл шунингдек, 25 июнь куни Наманган шаҳрида ўтказилган концерт дастурида 2400 нафар фуқароларга сотилган жами 48 миллион сўмлик чипта пулларини ҳам ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини маълум қилинмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.