ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Москва шаҳри марказида жойлашган хиёбонда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ҳайкалнинг расмий очиш маросими бўлиб ўтди.
Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги ўз саҳифасида бу ҳақда пост ёзди.
Унга кўра, Москвадаги ёдгорлик ҳамда Ислом Каримов номи билан аталган хиёбон анъаналар ва маданиятнинг бетакрор уйғунлигини, шу билан бирга, давр шиддатини акс эттиради.
“Бизнинг вазифамиз ушбу хиёбонга ташриф буюрган ҳар бир инсонда меҳмондўстлиги ва кўп асрлик бой маданияти билан шуҳрат қозонган ўзбек заминига қадам қўйиш ҳиссини уйғотишдан иборат бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу орқали она Ватанга муҳаббат тараннум этилди. Бизнинг ижодий мақсадимиз ушбу масканни ўзбек халқининг миллий ўзлиги ва қадим тарихи тимсолига айлантириш ҳамдир. Биз учун хиёбон ва маҳобатли ёдгорлик шаҳар муҳити ва руҳига уйғун бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади”, — деб ёзган Лола Каримова-Тиллаева.
Лола Каримова-Тиллаева Каримов Фонди номидан Россия Федерациясининг президенти Владимир Путин, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Москва шаҳри мэри Сергей Собянин, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг ҳукуматлари, Ўзбекистон президенти маъмурияти, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Россия, Беларусь Республикаси ва Германиядаги элчихоналарига миннатдорлик билдирган.