ТОШКЕНТ, 16 окт – Sputnik. Москва марказида Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ҳайкал Полянка метро бекати ва Ўзбекистон элчихонаси яқинида, 1 Казачий кўчасидаги 13 уй ва Большая Полянка кўчасидаги 39 уйлар орасида, Ислом Каримов номли хиёбонда жойлашган.
Айни дамда ҳайкал оқ мато билан ўралган, унинг атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон элчихонаси ҳайкалнинг очилиш санаси ҳозирча номаълум эканини хабар қилмоқда.
Ушбу монумент Москва шаҳрига Ислом Каримов фонди томонидан тақдим этилган. Ҳайкал муаллифи британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй. Монументда Ўзбекистон Биринчи президенти Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида тасвирланган.
Эслатиб ўтамиз, Москвада Ислом Каримов ҳайкали ўрнатиш ва хиёбонлардан бирига Ўзбекистон Биринчи президенти номини бериш ҳақидаги қарор Москва шаҳар маъмурияти томонидан 2016 йилда қабул қилинган эди.