"Назорат ва қатъият йўқ": Турдимов турар-жойлар қурилишида жиддий камчиликларни аниқлади

Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарига қурилиши тугалланган кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, фуқароларнинг уйларга кўчиб ўтишларига йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифасини юклади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 окт - Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида қурилиши тугалланган кўп қаватли турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади.

Абдулла Арипов Самарқанднинг "рус" қисмида бўлди ва қурилишни тўхтатишни буюрди

Ҳужжатда қайд этилишича, вилоятда кейинги йилларда қурилиш индустрияси юқори суръатларда ривожланмоқда, аммо шу билан бирга, вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ҳамда соҳага масъул бошқа идоралар раҳбарлари томонидан назорат сусайтириб юборилган.

"... шаҳар ва туманлар ҳокимларининг лоқайдлиги оқибатида аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, меъморий ва тарихий-маданий ёдгорликларни тиклашда, кўп қаватли турар жой бинолари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини жойлаштириш ва қуришда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида белгиланган нормалар ва қоидаларнинг қўпол равишда бузилиши ҳоллари давом этмоқда.

Ҳудудий қурилиш бўлинмалари раҳбарларида қатъият етишмаслиги оқибатида аҳоли пунктларини қуриш шаҳарсозлик ва архитектура нормалари, коммуникация, транспорт ва санитария талаблари, истиқболли қурилиш режалари билан мутлақо боғланмасдан амалга оширилмоқда", - дейилади қарор матнида.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2015-2018 йиллар давомида бунёд этилган 71 та кўп қаватли уйларни хатловдан ўтказиш натижалари бу борада кўплаб салбий ҳолатлар мавжудлигини кўрсатган.

Яъни, кўп қаватли турар жой биноларини қуришнинг сифат даражаси пастлиги, коммуникация тармоқларига уланишда нуқсонлар мавжудлиги, ўрнатилган лифтларнинг ишламаслиги, ҳудудларда болалар спорт майдончалари ва ўйингоҳлар қурилмаганлиги, автотураргоҳлар ташкил этилмаганлиги, уйларга кузатув камералари ўрнатилмаганлиги, ободонлаштириш ишлари талаб даражасида бажарилмаяпти.

"Бу камчиликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслиги, шунингдек, қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг аҳоли пунктларини комплекс қуриш муаммоларини ҳал қилишдан ўзларини четга олишлари шаҳар ва туманлар қиёфаси бузилишига, аҳолининг ҳақли норозилигига олиб келмоқда, шунингдек, вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда салбий таассурот уйғотмоқда", - деб қайд этилган қарорда.

Янги кўп қаватли уйлардаги хонадонлар қандай тақсимланади

Шу муносабат билан, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Рахимов), вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг Самарқанд шаҳар бўлинмаси ҳамда қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг Самарқанд шаҳрида шаҳарсозлик фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, аҳоли пунктларини комплекс қуришда бош режаларга, айниқса, кўп қаватли турар жой биноларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ишлари қониқарсиз деб баҳоланган.

Икки кун муддатда Самарқанд шаҳрида 2015-2018 йилларда қурилган 71 та кўп қаватли уйларни хатловдан ўтказиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши таъминланиши белгиланган.

Вилоят ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти чора-тадбирлар режасида кўзда тутилган тадбирларни бажарилиши юзасидан мониторинг юритади ва ҳар ўн кунда вилоят ҳокимига ёзма ахборот киритиб боради.

Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Рахимов)га шаҳарда 2015-2018 йилларда қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй-жойларда аниқланган камчиликларни бир ой муддатда бартараф этиш чораларини кўриш ва амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокимига ахборот бериш вазифаси юклатилган.

Қурилиши (реконструкция) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш борасида Давлат хизматлари маркази билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъминланиши айтилган.

Эндиликда махсус комиссия кўп қаватли турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилишда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратади: қуриш ва таъмирлаш ишларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, замонавий талаблар ва миллий анъаналарга мувофиқ олиб борилганлиги, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экология хавфсизлиги талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар томонлама сифатли амалга оширилганлиги;

бой меъморий-тарихий меросни сақлаб қолишни таъминлаш юзасидан белгиланган тартибларга амал қилинганлиги;

Эркинжон Турдимов амалдорларга хизмат машиналарини бошқаришни таъқиқлади

коммуникация тармоқларига белгиланган тартибда тўлиқ уланганлиги (электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳамда иссиқлик тармоқлари), уларнинг сифати ва тўла қувватда ишлаши; ҳар бир кириш йўлаги (подъезд)нинг кириш қисмида темир ва кодли эшиклар ўрнатилганлиги; хонадонларга электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳисоблагичларининг белгиланган тартибда ўрнатилганлиги;

янги лифт ўрнатилганлиги ҳамда уларнинг тўла қувватда узлуксиз ишлаш ҳолати;

ҳудудда спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, дам олиш айвончалари ва автотураргоҳлар қурилганлиги;

турар жой биносига видеокузатув мосламаларининг ўрнатилганлиги ва уларнинг ишлаш ҳолати;

ҳудудда ободонлаштириш ишлари ва кириш йўлаклари тасдиқланган архитектура лойиҳаси асосида тўлиқ ва сифатли олиб борилганлиги.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси (А.Тошпўлатов)га қурилиши тугалланган кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, фуқароларнинг уйларга кўчиб ўтишларига йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси топширилсин.