Ўзбекистон мудофаа вазири Қозоғистон ва Россия ҳарбий делегацияларини қабул қилди

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ҳарбий ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзоланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Бугун, 12 октябрь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Қозоғистон ҳамда Россия мудофаа идораларининг раҳбарлари билан учрашди.

Азизов: дунёдаги вазият МДҲ мудофаа вазирлари кенгашининг аҳамиятини кўрсатмоқда

Абдусалом Азизов ҳамкасби Нурлан Ермекбаевни Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири лавозимига тайинлангани билан табриклаб, мамлакатлари ўртасида 2018 йилда стратегик ҳамкорликнинг янги чўққисига чиққан ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон мудофаа вазири ўз нутқида жорий йилнинг ёз ойида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган икки босқичли қўшма машғулотлар ҳақида ҳам тўхталди.

Мазкур машғулотлар ҳарбий мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувига замин яратиб, икки мамлакат армиялари ҳар қандай шароитда ҳам биргаликда ишончли ҳаракатлана олишини кўрсатиб берди.

Шундан сўнг, Абдусалом Азизов Россия Федерацияси мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувлар давомида томонлар Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон-Россия давлатлари мудофаа соҳасида ҳамкорликнинг айни вақтдаги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилди, ҳарбий техника йўналишида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикрлар алмашди.

Россия мудофаа вазири Тошкентга келди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базаси давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро тузилмаларнинг ўттизга яқин ҳужжатларида белгиланган.

2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили тасдиқланадиган Ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади.

Мазкур режаларни амалга ошириш доирасида тезкор ва ўқув-жанговар, ҳарбий таълим, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий таъминотни юксалтириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Россиялик ҳамкасби билан суҳбат давомида Абдусалом Азизов россиялик ҳарбий мутахассислар иштирокида қўшма тадбирларнинг муҳим аҳамиятга эга экалигини қайд этди.

Абдусалом Азизов Осиё ўйинлари ғолибларига ҳарбий унвонларни топширди

2017 йил октябрь ойининг бошида Фориш тоғ дала ўқув майдони базасида ўтказилган Ўзбекистон-Россия қўшма ҳарбий машқлари икки томонлама муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг кучайишига янги туртки берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг тоғ-ўқчи бўлинмалари энг қийин тоғ шароитида ҳамкорликда ўқув жанговар вазифаларни бажариш бўйича тажриба ва қобилиятларини намойиш қилди.

2017 йил 24 октябрда Тошкентда минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. 2017 йил сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳузурида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ҳарбий ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзоланди.