Шавкат Мирзиёев Франция Сенати раиси билан учрашди

Франция Сенатида Ўзбекистон яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳрида Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Сенат вакили дабдабали тўйларни тақиқлаш нега керакли натижани бермаслигини тушунтирди

Ўзбекистон президенти Сенат раисини самимий қутлар экан, унга ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди.

Франция Сенати Раиси мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади.

Ўзбекистон яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик улардаги дўстлик гуруҳлари иши туфайли анча фаоллашганини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон президенти Франция Сенатининг тарихий биносини кўздан кечирди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатасида ҳам Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Франция Сенатида “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда “Франция - Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда. Ушбу алоқалар Ўзбекистон ва Франция халқлари ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.