“Ўзбекнефтгаз” Ҳиндистон компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Ўзбекистон ва Ҳиндистон вакиллари Ҳамкорлик битими ва Махфийлик шартномасини имзолаш борасида қарор қабул қилдилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Ҳиндистоннинг йирик нефть-газ корпорацияси ҳисобланмиш ONGCнинг ONGC Videsh Limited шўъба компанияси билан ҳамкорлик битимини имзолади, деб хабар қилди ушбу компания матбуот хизмати.

Ҳиндистон ташрифи - энг қизиқарли фото-суратлар

Нью-Делида ўтказилган кўргазмада “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакили ONGC Videsh Limited компаниясининг геологик қидирув ишлари бўйича директори Судхир Шарма билан музокаралар ўтказди.

Томонлар Ўзбекистон ва хориждаги сармоявий блокларда геологик қидирув ишларини олиб бориш борасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар.

Музокаралар якунида томонлар Ҳамкорлик битими ва Махфийлик шартномасини имзолаш борасида қарор қабул қилдилар.

Мазкур ҳужжатларга кўра, 4 ой мобайнида томонлар Ўзбекистон сармоявий блоклари тўғрисида ахборот алмашиб, уни замонавий дастурий таъминот маҳсулотлари ёрдамида ўрганиб чиқадилар ва ONGC Videsh Limited компанияси тажрибаси билан батафсил танишиб, ҳамкорлик бўйича аниқ таклифларни биргаликда ишлаб чиқадилар.

Ўзбекистон инновациялар соҳасида Ҳиндистон тажрибасини ўрганади

Таъкидлаш жоиз, 1965 йилда ташкил этилган ONGC Videsh Limited компанияси Ҳиндистоннинг Миллий нефть ва табиий газ корпорациясига қарашли шўъба компания ва чет эл бўлими ҳисобланади. 

ONGC мамлакатнинг йирик трансмиллий компанияси бўлиб, Ҳиндистон нефть ва табиий газ вазирлиги орқали давлат томонидан назорат қилинади. У мамлакатнинг энг йирик нефть ва газ қидирув компаниясидир. Компания Ҳиндистон хом нефтининг тахминан 72 фоизини ва табиий газининг 62 фоизини ишлаб чиқаради.

2017 йил якунига кўра, компаниянинг соф даромади 2,8 миллиард долларини ташкил этган. 

ONGC Videsh Limited компанияси қатор халқаро компаниялар билан ҳамкорликда ишлаш тажрибасига эга, улар орасида Schlumberger, Halliburton, Petrobras, Norsk, ENI ва Shell.