ТОШКЕНТ, 6 окт - Sputnik. Жиззах вилоятида жойлашган Марказий ҳарбий округига қарашли дала ўқув майдонларидан бирида янги турдаги махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
"Ушбу машғулотларнинг аввалгиларидан фарқи, бунда ҳарбий хизматчилар янгича ёндашув асосида илгариги тактика стандартларидан узоқлашган ҳолда нишонларни яксон қилишди. Бу турдаги машқлар ҳарбий хизматчиларга турли мураккаб вазиятларда мустақил қарор қабул қилиш ва ҳаракатланишда қўл келади", - деди матбуот-хизмати вакили.
Таъкидланишича, мураккаб жараёнлардан ҳисобланувчи ғаввослик амаллари ҳам бажарилган. Яъни ҳарбийлар керакли асбоб-анжом ва қуроллар ёрдамида сув остида ҳаракатланиб, қўйилган вазифаларни муваффақиятли уддалаганлар.
Шунингдек, ҳарбийлар ноқонуний шартли террорчилар гуруҳини қўлга олганлар. Унда бино ичига яширинган террорчилар гуруҳига қўққисдан ҳужум қилиниб, хавф-хатар тўлиқ бартараф этилган.