Энергетика соҳасига хусусий секторни таклиф қилиш керак - Шавкат Мирзиёев

Туркияда - 60 %, Кореяда - 20 % электр энергияси хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилади, Ўзбекистондачи?
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 окт – Sputnik. Шавкат Мирзиёев иштирокида 3 октябрь куни электр энергетикаси соҳасидаги вазиятни таҳлил қилиш ҳамда соҳани янада ривожлантиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда электр энергетикаси соҳасини риваожлантириш нақадар муҳим экани қайд этилиб, ушбу соҳада Ўзбекистонда бугунги кундаги вазият талабга жавоб бермаётганлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев 42 та янги ГЭС қуриш ҳақидаги қарорни имзолади

Хусусан, республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 86 % ИЭСларда, қайта тикланмайдиган ресурслар табиий газ ва ёнилғи ёрдамида ишлаб чиқарилаётганлиги қайд этилди. Устига устак ушбу ИЭСларнинг аксарияти (84%), 50 йил олдин ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг самарадорлиги жуда паст эканлиги қайд этилди.

Иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши натижасида Ўзбекистонда  2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб яна 50%га ошиши кутилмоқда. Электр энергиясига тобора ортиб бораётган талабни қондириш учун соҳада янги электр ишлаб чиқарувчи объектлар қуриш кераклиги таъкидланди.

Хусусан Атом электр станциялари қуриш ана шундай ривожланиш йўлларнинг бири сифатида кўриб чиқилди.

“Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича революцион ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8-10 йил керак”, - деди президент.  

Иккинчи йўналиш сифатида - электр энергияси ишлаб чиқариш янги хусусий ва давлат билан шерикчилигида объектлар қуришни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди.

Оддий мисол, Туркияда 60 фоиз, Кореяда 20 фоиз электр энергияси хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда эса ҳанузгача хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини энерготизимга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган. 

Ушбу мақсадда келгуси йилдан электр энергияси сотишдан тушадиган маблағларнинг 15 фоизини инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва кредитларни қайтариш учун йўналтириш лозимлиги таъкидланди. 

Мажлиснинг батафсил баёноти билан қуйида танишиш мумкин.