ТОШКЕНТ,3 окт — Sputnik. Россия ҳамкорлари миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилишга жон рози бўлишади, деб ҳисоблайди Россия Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин, РИА Новости хабарига асосан.
“Мен имкон қадар кўпроқ мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқнинг бир қисмини миллий валюталарга ўтказиш тарафдориман. Алоҳида таъкидлаб айтаманки - фақат бир қисмини, чунки аксарият мамлакатлар билан бизнинг савдо балансимиз миқдори тенг эмас, шунинг учун барибир савдонинг бир қисмини хорижий валюталарда амалга оширишга тўғри келади”, - деди Кудрин.
“Лекин қўшни мамлакатларнинг айримлари миллий валютада ҳисоб-китоб қилишга жон деб ўтади. Ўйлайманки, бироз вақт ўтганидан кейин биз савдо-сотиқнинг маълум миқдори миллий валюталарда амалга оширилаётганининг гувоҳи бўламиз, лекин савдо муносабатларини тўлиқ миллий валютада амалга оширишнинг ҳозирча иложи йўқ”, - деди Ҳисоб палатаси раҳбари.
Кудрин айтишига қараганда, айни дамда ҳукумат Россия иқтисодиётини доллардан холи қилиш сиёсатига босқичма босқич кириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин хорижий ва маҳаллий ОАВларда Россия ҳукумати доллардан воз кечиш режасини тайёрлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.