ТОШКЕНТ, 3 окт - Sputnik. ХПК сессиясида Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шохрух Аминов истеъмол қилинган энергия ресурслари учун ундирилган тўловлар, мавжуд муаммолар ҳақида ахборот берди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
Ундирилган маблағлар
“Ўтган қисқа давр ичида 29,5 триллион сўмлик истеъмол қилинган энергия ресурслари учун маблағлар ундирилди. Ўтган йил шу даврга нисбатан 14,6 триллион ёки 98 фоизга кўп демакдир”, - деб таъкидлади Аминов.
Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” ва сув таъминоти корхоналарининг собиқ 13 669 нафар назоратчилари томонидан МИБ ташкил этилгунга қадар 2017 йил 5 ой давомида 5,9 триллион сўм маблағ ундирилган бўлса, МИБнинг 5439 нафар давлат инспекторлари томонидан, айнан шу даврда - 2018 йил 5 ойда 14,2 триллион сўм ёки 8,3 триллион сўмга ёки 139 фоизга кўп маблағ ундирилиши таъминланди.
"Бюронинг бир нафар давлат инспектори “Ўзбекэнерго” “Ўзтрансгаз” ва сув таъминоти корхоналарининг ўртача 6 нафар назоратчисининг иш ҳажмини бажарди,"- деб алоҳида таъкидлаб ўтди МИБ вакили.
Бундан ташқари, қарздорликлар ундириш борасида тезкор йўллар 60,8 миллиард сўмлик зарар етказиш билан боғлиқ 157 та жиноий ҳолат аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.
Истеъмолчиларнинг 150 минг нафаридан зиёди тармоқдан ўчирилди. Порахўрлик ва талон-тарож қилиш каби ҳолатлар юзасидан электр газ ва сув таъминоти корхоналарининг 100 нафар ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
“Энг асосийси, бу чораларни кўриш натижасида дебитор қарздорлик камайтиришга эришдик. Бундан ташқари, аҳоли хонадонлари МИБ ташкил этилгандан буён инвертаризациядан ўтказилди”- деди МИБ раҳбар ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, инвентаризация натижасида 1 триллион 742 миллион сўмлик нореал қарздорликлар аниқланди. Бу ҳолатлар юзасидан 168 та жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдорлар тергов ва суд олдида жавоб бермоқда.
“Лекин бу рақамлар билан МИБ ўз олдига қўйган вазифаларни тўлиқ бажарди деб айта олмайман, чунки буни айтишга ҳали эрта, олдимизда муаммоларимиз жуда кўп”, - дея қўшимча қилди Аминов.
Дебитор қарздорлик
МИБ вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда аҳоли дебитор қарздорлиги кескин ошиб кетмоқда.
Республикада 9 мингга яқин маҳаллалар бўлса, айнан тўлов интизоми паст бўлган аҳоли яшайдиган маҳалаларда таҳлил қилганида, 3223 та маҳаллалар аниқланди ва ана шу маҳалларда сектор раҳбарлари, жамоатчилик, ОАВ иштирокида профилактик тадбирлари амалга оширилмоқда.
“Энг ачинарлиси шундаки, айнан тўлов қобилияти бўла туриб тўламаётган истеъмолчилар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Биз шу истеъмолчилар билан ишлашимиз сабаби ҳам мана шунда”, - деб таъкидлади МИБ вакили.
МИБ директори ўринбосари фикрига кўра, фойдаланилган энергия ресурслари учун маблағларни ўз вақтида тўланиши энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф этишга, соҳани модернизация қилишга, янги инновацион технологияларни олиб киритилишига, аҳоли турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.