Яна бир ҳоким ўринбосари пора олаётганда қўлга тушди

Наманган вилояти Чуст тумани ҳокими ўринбосари Шарофиддин Юсупжонов ер участкасини ажратиб бериш учун фермердан 2 минг доллар талаб қилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати коррупция ботқоғига ботган амалдорларга қарши курашни давом эттирмоқда.

Катта пора сўраган Юнусобод тумани ҳокими ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов, сўнгра Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳокими ўринбосари пора билан қўлга олиниши туфайли шов-шувлар тинмай, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимини пора олаётган вақтда қўлга олдилар.

Ушбу ҳодиса ҳақида сўзловчи сюжет "Ўзбекистон 24" телеканалида намойиш этилди.

Таъкидланишича, Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи фуқаро туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шарофиддин Юсупжоновга боғдорлик фермер хўжалигини яратиш учун 5,3 гектар ер ажратиб бериш масаласида мурожаат қилган.

Юсупжонов 1,8 минг доллар пора олаётган маҳалда қўлга олинган.

Шарофиддин Юсупжонов 1979 йилда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган, оилали, уч нафар фарзанди бор.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210 моддаси (пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.