ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Индонезияда ер қимирлаши ва цунами қурбонлари сони 384 нафарга етди. Бу ҳақда Индонезия табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича миллий бошқарма вакили хабар қилди.
Илгарироқ, 48 қурбон ва 356 нафар жабрланганлар ҳақида маълумот берилган, аммо ҳукумат гап Палу шаҳридаги ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида бораётганига аниқлик киритишган эди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Палу шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган масофада жойлашган Сулавеси ороли қирғоғи яқинида 6,1 магнитудали зилзила юз берди, сўнгра яна бир нечта, энг кучлиси 7,4 магнитудали ер ости силкинишлари кузатилди.
Шундан сўнг Палуга баландлиги 2 метрга яқин цунами ёпирилди.
Индонезия ҳукумати Марказий Сулавеси привинциясидаги аэропортни бугун кечгача ёпишга қарор қилишган.
БМТ Бош котиби цунами ва зилзила оқибатида қурбон бўлган инсонлар яқинларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини йўллаган.
БМТ Индонезияни қўллаб-қувватлаш мақсадида қутқарув операцияларини ўтказиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирган.