Ўзсаноатқурилишбанк JCB карталарини қабул қила бошлайди

JCB International – Япония банк карталари тизими 1961 йилда яратилган бўлиб бугунги кунда у Осиё ҳудудида кенг тарқалган тўлов тизимлардан биридир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзсаноатқурилишбанк JCB халқаро банк карталарини қабул қилишни бошлайди, деб хабар қилмоқда “Халқ сўзи”, банк матбуот хизматига асосан.

Хабарда айтилишига кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” JCB International Co., билан Ўзсаноатқурилишбанк тармоқлари орқали JCB карталарини қабул қилиш бўйича лицензия шартномаси имзолаган.

“Ўзсаноатқурилишбанк” Ўзбекистон Республикасида JCB халқаро тўлов тизимининг карталарини қабул қиладиган биринчи банк бўлади. JCB картаси эгалари “Ўзсаноатқурилишбанк” бўлимларидан пул олишлари ва Ўзбекистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари тармоғида харидларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

“Жанубий Корея, Индонезия, Малайзия, Япония ва Сингапур давлатларида JCB карталари кенг тарқалган. Ўзбекистон ушбу давлатлар билан визасиз режимни жорий қилганидан сўнг у ердан келадиган сайёҳлар сони ошиши кутилмоқда.

Маълумот учун, JCB тўлов тизимига 1961 йилда Японияда асос солинган бўлиб, у етакчи халқаро тўлов тизимларидан бири ҳисобланади. JCB йирик тармоқли банкларда қабул қилинса-да, МДҲ ҳудудида нисбатан кам тарқалган ҳисобланади.