Ўзбекистон бўйича нотариуслар рейтинги эълон қилинди

Адли вазирлиги эълон қилган рейтингга кўра, энг яхши нотариусларнинг аксарияти Тошкент ва Хоразм вилоятларида фаолият юритар экан. Энг паст бал олган нотариуслар эса Тошкент шаҳар ва Бухоро вилоятида фаолият юритар экан.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 сен – Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги 2018 йилнинг 6 ойи давомида республикада фаолият юритаётган барча нотариуслар фаолияти сифатини 100 балллик тизим бўйича баҳолаб, унинг натижаларини эълон қилди.

Нотариуслар рейтинги шакллантиришда қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобга олинди: амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони, ихтисослашувнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, мерос ишлар, гаров шартнома ва ипотека шартномалар сони, сайёр тартибда тасдиқланган нотариал ҳаракатлар, келиб тушган шикоятлар, ҳақиқий эмас деб топилган ҳаракатлар, қўлланилган интизомий жазо чоралар, сирли мижоз ва рейд тадбирларида аниқланган ҳолатлар, ўтказилган ҳуқуқий тарғибот ва бошқа тадбирлардаги иштироки ва соҳани ривожлантиришдаги фаоллиги.

Рейтинг баллар эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон бўйича 651 нотариусдан 28 нафари «аъло», 268 нафари «яхши», 278 нафари «қониқарли» ва 77 нафари «қониқарсиз» баҳо олди.

Ҳудудлар бўйича эса рейтингдаги юқори ўринни Тошкент, Навоий ва Хоразм вилояти, қуйи ўринларни эса Тошкент шаҳри, Жиззах ва Бухоро вилоятлари эгаллади.

Рўйхатдаги энг юқори — 98 баллга Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 7-нотариус, энг паст — 21 баллга эса Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 6-нотариус лойиқ кўрилди.

Адлия вазирлиги томонидан тузилган нотариуслар рейтинги билан батафсил қуйида танишишингиз мумкин.