Россия мудофаа вазирлиги Ил-20 ҳалокатида Исроилни айблади

Энг катта хатога Исроил ҳарбий қўмондонлиги томонидан йўл қўйилган - улар уюштирилаётган ҳаво ҳужуми ҳақида жуда кеч ва чалғитувчи хабар юборишган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ил-20 разведкачи самолёти ҳалокатида Исроил ҳаво ҳарбий кучлари айбдор деб баёнот берди Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Исроилнинг F-16 қирувчи самолётлари, Сурия зенит ракеталаридан қочиш мақсадида, Хмеймим аэродромига қўниш учун тайёргарлик кўраётган Ил-20 самолёти орқасига атайлаб яширинган.   

“Келтирилган объектив маълумотлар, Россиянинг 15 нафар ҳарбий хизматчилари Исроил учувчиларининг уқувсизлиги (профессионал эмаслиги) ёки жиноят даражасидаги маъсулиятсизлиги оқибатида қурбон бўлганидан далолат беради” – дейилган Россия МВ хабарида.

Энг катта хато

Энг катта хатога эса Исроил ҳарбий қўмондонлиги йўл қўйган. Улар Россия ва Исроил орасида мавжуд шартномага амал қилмаган ҳолда, уюштирилаётган ҳаво ҳужуми ҳақида жуда кеч ва чалғитувчи хабар юборишган. Бунинг оқибатида Россия ҳарбий кучлари айнан ўша дамда осмонда бўлган разведка самолётини жанговар ҳаракатлар зонасида олиб чиқишга улгурмай қолган.

17 сентябрь куни Исроил ҳаво кучларининг тўртта F-16 самолёти Сурия ҳудудига зарба бериш учун учиб чиққан. Исроил қўмондонлиги соат 21:39да Россия ҳарбий кучларини Сурия шимолидаги саноат корхоналарига зарба берилиши ҳақида огоҳлантиради. Орадан бир дақиқа ўтиб, соат 21:40да Сурия ғарбида жойлашган Латакия шаҳрига зарбалар берила бошланади.

Ил-20 экипажи Исроил ҳужуми туфайли ҳалок бўлди – Россия МВ

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра Россия ва Исроил орасида 2015 йилда имзоланган шартнома мавжуд. Унга асосан иккала томон, тасодифий ҳарбий тўқнашувлар олдини олиш мақсадида, бир-бирини олдиндан огоҳлантириши керак.

Россия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ўтган давр мобайнида Россия Исроил томонига 300 дан ортиқ огоҳлантиришлар юборган. Исроил бўлса 25 маротаба огоҳлантиш юборган ва уларнинг аксарияти айнан зарба бериш вақтида юборилган.

Ундан ташқари Россия шу вақтга қадар Сурия ҳудудида Исроил манфаатларига фойда келтирадиган муҳим ишларни амалга оширгани қайд этиб ўтилди. Хусусан, Эроннинг зенит ракеталари ва оғир артиллерияси Голан тепаликларидан Исроил учун хавфсиз бўлган масофага олиб чиқарилди. Ундан ташқари ҳарбий йўнаилишда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни Исроил илтимосига биноан Эронга етказиб бериш тўхтатилди.

Брифингда келтирилган барча маълумотлар билан батафсил қуйида танишишингиз мумкин.