Сиёсий ҳазил: "Чапдаги Дуда" дейилган сурат учун Польша телеканали ўз ишчисини ҳайдади

Ишдан ҳайдалган Иван Шило раҳбарлар ўз хатолари учун бошқаларни жазолашлари керак эмаслигини таъкидлаган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Польшанинг Belsat телеканали ижтимоий тармоқлар бўйича менежер сифатида ишлаган Иван Шилони Польша ва АҚШ президентлари Анжей Дуда ва Дональд Трампнинг фотосуратини эълон қилгани учун ишдан бўшатди.

Таъкидланишича, Шило ўзининг Facebookдаги расмий аккаунтида Оқ уйда бўлиб ўтган икки давлат раҳбарлари учрашуви вақтида олинган ва "Чапдаги - Польша президенти" дея изоҳ берилган суратни эълон қилган.

Ушбу сурат туфайли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сал олдин Польша устидан кулишган ва уни қаттиқ танқид қилишган эди. Фотосуратда икки давлат раҳбарлари стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолашаётгани тасвирланган, шу билан бирга Трамп стол қаршисида ўтиргани, Дуда эса бир оз эгилиб тургани акс эттирилган.

Польша президентини у ўзини ва мамлакатни камситишларига йўл қўйиб берганликда айблашди.

Тармоқ фойдаланувчилари Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида бўлиб ўтган меморандум имзолаш тадбирида олинган фотосуратни мисол келтиришган. Бунда АҚШ президенти ҳам Шимолий Корея раҳбари ҳам стол қаршисида ўтирганларини кўриш мумкин эди.

Польшада сиёсатчи Sputnikка берган интервьюси учун лавозимдан бўшатилди

Ушбу фотосурат эълон қилинган куннинг эртасига Иван Шило ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатилган. У бу ҳақда ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган.

"Мени бўшатишди. Ҳеч қандай гап-сўзсиз, шунчаки ишчи чатлардан чиқариб ташлашди ва барча кириш ҳуқуқларимдан маҳрум қилишди. Балки қачонлардир бу ҳақда батафсил ёзарман. Балки, йўқ. Лекин ҳозирги ҳолат - тубанлик. Раҳбарлар ўз хатолари учун кечирим сўрамайди, лекин ўз хатолари учун бошқаларни ишдан ҳайдашлари ҳам керак эмас - бу иш эмас", - деб ёзган Шило.

Сал вақт ўтиб, телеканал раҳбари Агнешка Ромашевская-Гузы ходимнинг ишдан ҳайдалишига унинг президент ҳақидаги "ҳазили" сабаб бўлганлигини маълум қилган. Аёлнинг сўзларига кўра, АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув Польша хавфсизлиги учун катта аҳамиятга эга ва "бу "Белсат" ходимлари ҳазил қилишига асос бўлмайдиган саноқли мавзулар сирасига киради". Телеканал директорининг онаси президент маслаҳатчиси лавозимида ишлайди.