ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган транспорт бўйича халқаро конференция иштирокчилари 21 сентябр куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган "Man" заводи фаолияти билан яқиндан танишдилар, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бугун эрта тонгда 300 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонлар "Афросиёб" тезюрар поездида Самарқандга етиб бордилар. Меҳмонлар "Man" заводи фаолияти билан яқиндан танишдилар. У ерда завод фаолияти ҳақида тақдимот ва экскурсия ўтказилди.
Конференция иштирокчиларига юк автомобиллари, шаҳар ва шаҳарлараро автобуслар, трейлерлар ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди.
Хорижий меҳмонларнинг ташрифига атаб MAN янги моделдаги MAN TGS 19.400 4X2 Efficient Line юк машинаси тақдимотини ўтказди.
Ушбу янги моделлар халқаро ташув стандартларига жавоб берибгина қолмай, ўзининг тежамкорлиги билан логистик компанияларга хизмат кўрсатиш тан нархини сезиларли даражада арзонлаштиришга имкон бериши қайд этилди.
Таъкидланишича, MAN TGS 19.400 4X2 BLS-WW Efficient Line юк машинаси ишлаб чиқарилиши жараёнида инновацион ишланмалардан фойдаланилган. Хусусан, автомобилда TIPMatic роботлаштирилган узатиш коробкалари (MAN TipMatic®), SmartShifting функция (автоматик улашни интеллектуал бошқариш) ва махсус аэродинамик пакет мавжуд.