Барча газ қуйиш шахобчалари инвентаризациядан ўтказилади

Бош вазир кўрсатмасига биноан Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шахобчаларининг техник ҳолати инвентаризациядан ўтказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов республикадаги барча газ баллонли автотранспорт воситаларини ҳамда газ тўлдириш станцияларини техник ҳолатини тўлиқ инвентаризациядан ўтказишга кўрсатма берди, деб хабар қилмоқда Podrobno.uz.

Ундан ташқари табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа жиҳозлар ҳам текширувдан ўтказилади. Ушбу маъсулиятли вазифага бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов масъул этиб белгиланган.

Инвентаризация натижалари бўйича газда ишлайдиган автотранспорт воситалари, газ тўлдириш станциялари, қозонхоналар ва бошқа жиҳозлардаги аварияларнинг олдини олишга қаратилган “йўл хариталари” ҳукумат тасдиғига киритилади.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни Бухоро вилояти, Когон тумани ҳудудидан ўтувчи “Ғузор—Бухоро—Нукус” А-380 автотрассасининг 201-километрида Isuzu автобусида газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 21 киши жароҳатланди.