Бухорода автобус газ баллони портлаши оқибатида 5 киши қурбон бўлди

Бухоро вилоятида йўловчи автобусда ўрнатилган газ баллони портлаги оқибатида 5 киши қурбон бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 авг – Sputnik. Бугун эрталаб 08:30ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи “Бухоро – Қоровулбозор" магистрал йўлида йўловчи автобуси ЙТҲга учради, деб хабар қилмоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида автобус ичида бўлган 26 нафар йўловчидан 4 киши воқеа жойида вафот этган. Яна бир киши эса касалхонада вафот этди.

Ушбу ЙТҲда жабрланганлар сони кўпчилликни ташкил қилди. Улардан беш нафари оғир аҳволда РШТЁИМ Бухоро филиалига ётқизилди. Яна етти киши ўрта оғирликда жароҳатлар олган ва 9 киши енгил жароҳатлар билан Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.

Жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилиб, РШТЁИМ дан хирург, нейрохирург ва реаниматолог мутахассислари санавияция тармоғи орқали юборилди.

Автоҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.