Абдулазиз  Камилов Ҳиндистон давлат вазири билан учрашди

Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи ҳамда музокараларга тайёргарлик кўриш – икки давлат вазирлари учрашувининг асосий мавзуси бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 16 сентябрь куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Ташқи ишлар Давлат вазири Мобашар Жавад Акбарни қабул қилди, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев октябрда Ҳиндистонга боради

Вазирлар учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи ва Ҳиндистон раҳбарияти билан бўладиган музокараларига тайёргарлик кўриш жараёни учрашув кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.

Ҳозирги вақтда икки мамлакатда ҳам олий даражадаги Ўзбекистон-Ҳиндистон учрашувининг мазмуний қисми устида биргаликда ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу ўринда 2018 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг 5-мажлисида иштирок этган Мобашар Жавад Акбар таъкидлашича, икки томонлама муносабатлар учун жуда муҳим ҳодиса арафасида шу каби тадбирларнинг ўтказилиши катта аҳамият касб этади.

Самарқандда "Ҳиндистон - Марказий Осиё" мулоқоти мажлиси бўлиб ўтади

Август ойида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 11-мажлисида икки томон учун ҳам манфаатли бир қатор истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Бир неча кун илгари Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва қўшма бизнес-форумга тайёргарлик кўрилмоқда. Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг баъзи масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар иштирок этди.