ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik.“Ўзавтосаноат” АЖ жорий йилнинг 1 январидан 30 июнига қадар 76 087 дона “GM Uzbekistan” АЖда ишлаб чиқарилган автомобиль сотилганини маълум қилди.
Бироқ ушбу давр мобайнида харидорларда автомобилни етказиб бериш муддатлари борасида норозиликлар юзага келди.
Хабарда айтилишича, “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарияти ишлаб чиқариш ва сотиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, савдо тизимини ўзгартириш ҳамда автомобиль бутловчи қисмларини етказиб беришдаги узилишларни олдини олиш борасида стратегияни қайта кўриб чиқди, бу эса аҳоли ўртасида энг талабгир автомобилларга мавжуд талабни қондиришни бошлаш имконини берди.
“жорий йилнинг 1 июлидан 12 сентябрига қадар 38549 автомобил сотилди, шундан 42% автомобиль шартномада кўрсатилган муддатидан аввал, 16% ҳолатда эса 10 кунгача бўлган муддатда харидорга етказилди. Компания хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда автомобилларнинг барча моделлари етказиб бериш муддатини қисқартириш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиради”, - дейилган хабарда.