Тошкентдаги 7та бозор раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Давлат мулкини катта миқдорда ўзлаштириш ва талон-тарож қилишда айбланаётган 7 нафар бозор раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 сен – Sputnik.  Тошкент шаҳрида жойлашган йирик савдо ташкилотларининг 11 нафар раҳбарлари ушбу йилнинг 23 август куни ҳибсга олинган эди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Улар орасида Тошкент шаҳар Савдо департаменти, хизматлар кўрсатиш ва халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш соҳасидаги корхонлар ва “Бек тўпи савдо комплекси”, “Чорсу буюм савдо комплекси”, “Чилонзор буюм савдо комплекси”, “Ўрикзор савдо комплекси” АЖ бозорлари, “Эски Жува деҳқон бозори”, “Юнусобод деҳқон бозори” ва “Сергели автотранспорт ва эҳтиёт қисмлари бозори” деҳқон бозорлари мансабдор шахслари бор.

Тиланчилик билан шуғулланганларга қамоқ жазоси берилиши мумкин

Дастлаб, интернет ОАВларида тарқалган хабарлдарда,  савдо ташкилотлари раҳбарлари ўтган қиш мавсумида пиёз чириши билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳибсга олингани хабар қилинган эди, лекин Бош прокуратура хабарида айтилишига кўра улар яна бир қатор жиноятларда айбланмоқда, хусусан:

– сифатсиз маҳсулотлар харид қилиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7 млрд. сўм миқдорида зарар етказиш;

– бозорлар ҳудудида пуллик хизматлар кўрсатиш натижасида келиб тушган 3 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини инкассация қилмаслик орқали ўзлаштириш;

– ҳисобга олинмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборхоналар ва енгил тузилмалар) фаолиятидан келиб тушган 2 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини ўзлаштириш;

– савдо нуқталари фаолиятидан келиб тушган 1 млрд. сўмдан ортиқ давлат маблағларини ижара тўловларини топширмаслик орқали талон-торож қилиш;

– савдо нуқталарини реализация қилиш натижасида тадбиркорлардан 2 дан 5 минг АҚШ доллари миқдоригача ноқонуний пул мукофотларини олиш.

"Мазкур ҳолатлар юзасидан Савдо департаменти ва бозорларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган", - дейилган хабарда.

“Юнусобод дехкон бозори” АЖ раҳбарлари О.Мустаев ва Б.Юсуповлар томонидан етказилган 800 млн. сум атрофидаги зарар, шунингдек “Тошкент озик-овкат захира” ДУК директори Р.Расулов томонидан етказилган 3,9 млрд. сум атрофидаги зарарнинг тўланганлигини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасига ўзгартирилди.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.