ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Ўзбекистон ва Миср орасида авиақатновлар йўлга қўйилади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан бўлган музокаралар чоғида маълум қилган.
“Зиёрат туризми соҳасида Мисрдан келадиган сайёҳлар учун Тошкент - Хургада ўртасида авиақатнов йўлга қўйишга келишдик”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Миср – мусулмон давлати. Ўзбекистон ҳудудида эса мусулмонлар учун қадрли бўлган зиёратгоҳлар ва тарихий обидалар жойлашган. Ўз навбатида Миср ҳам ўзининг бутун дунёга машҳур пирамидалари ҳамда Қизил денгизи билан ўзбекистонлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Шу сабабли “Тошкент – Хургада” парвозларининг йўлга қўйилиши иккала томон учун ҳам истиқболли бўлиши мумкин.