ДХХ Қирғизистонга 5,3 млн долларни олиб ўтмоқчи бўлган гуруҳни қўлга олди

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлими томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Наманган вилоятида 28 августига ўтар кечаси хорижий давлатга катта миқдорда ноқонуний валюта олиб чиқиб кетишни тўхтатишга қаратилган тезкор тадбир ўтказишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида лавҳа кўрсатилди.

Янгиқўрғон тумани, Газнон маҳалласининг чегарадош ҳудудида Cobalt ва Lacetti автомобилларига юкланган йирик миқдордаги чет эл валютани Қирғизистонга олиб ўтишни режалаштирган 3 кишидан иборат гуруҳ қўлга олинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўхтатиб қолинган хорижий валютанинг умумий миқдори 5,3 миллион долларини ташкил этди. Бу пуллар Тошкент ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятида иш олиб борувчи хуфиёна иқтисодиёт вакилларига тегишли бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлими томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.