Ўзбекистон фуқароси АҚШда 11 йилга қамалди

Террорчи ташкилотларга ёрдам беришда айбланган Жамшид Мухторов АҚШда 11 йилга қамалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 сен - Sputnik. Ўзбекистонлик Жамшид Мухторов АҚШда 11 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар қилмоқда Daryo.uz, AP хабарига асосан.

"2012 йили Чикаго аэропортида Истанбулга учишдан олдин қўлга олинган ўзбекистонлик Жамшид Мухторов АҚШ расмийлари томонидан 11 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди", - дейилган хабарда. 

Мухторов июнь ойида айбловнинг уч банди бўйича, жумладан, штаб-квартираси Покистонда бўлган «Ислом жиҳоди иттифоқи» террорчи ташкилотига молиявий кўмак беришга уринишда айбдор деб топилди. Мазкур ташкилот Ўзбекистон ва Афғонистонда қатор терактлар ташкиллашга алоқадор саналади.

Жазони ўтаб бўлганидан (унинг шу пайтгача ҳибсда ўтирган 6 йили ҳам ҳисобга олинади) cўнг Мухторов АҚШдан бадарға қилинади. Судья Жон Кейн у Қўшма Штатлар ҳудудида зўравонлик ҳаракатларини амалга оширмагани ва режалаштирмаганини билдирди.

Маълумот учун, Жамшид Мухторов 2007 йили Ўзбекистондан АҚШга кўчиб ўтган ва сиёсий қочоқ мақомини олганди.