Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга келди

Шавкат Мирзиёев Чулпон ота шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 сен - Sputnik. Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати. 

"Иссиқкўл аэропортида давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Бўронов ва бошқа расмий кишилар кутиб олди. Шавкат Мирзиёев бу ерда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этади", - дейилган хабарда. 

Мазкур аъзо давлатлар раҳбарлари саммити Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков қатнашади. Венгрия Бош Вазири Виктор Орбан ҳам олий тоифадаги йиғилишнинг фахрий меҳмони бўлади.

Туркий тилли давлатлар саммити илк бор 1992 йилда Озарбайжонда ўтказила бошлаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлишган. Ўзбекистонни ушбу саммитга бир неча бор таклиф этилганидан сўнг 2018 йилнинг апрель ойида, Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бўлган сафари вақтида, Саммитда иштирок этиши эълон қилинган эди.