ТОШКЕНТ, 3 сен – Sputnik. Миср президенти 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири УзА хабарига асосан.
"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади", - дейилган хабарда.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳамда ҳудудий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашишилади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Бу Миср президентининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлади. Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси Ўзбекистонга Хитойда бўлиб ўтадиган "Хитой-Африка" форумидан сўнг ташриф буюради.