ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Ўзбекнефтгаз АЖ Россиянинг “Зарубежнефть” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг узоқ муддатли конларида углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмини янада ошириш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.
Ушбу мақсадда жорий йилнинг 27-30 август кунлари “Зарубежнефть” АЖнинг геология, геофизика ва конларни ривожлантириш бўйича бир гуруҳ мутахассислари Ўзбекистонда бўлдилар. Улар Андижоннефт АЖ мутахассислари билан биргаликда Хартум, Бўстон, Жанубий Аламишик, Наманган, Тергачи ва Шўрбулоқ конларида нефт қазиб олишни кўпайтириш имкониятларини ўрганиб чиқдилар.
Қўшма гуруҳ жойларда таҳлил учун материаллар йиғиб олди ва конлар самарадорлигини ошириш бўйича турли технологиялар ўрганиб чиқилди. Улар орасида қудуқларда таъмирлаш ишлари олиб бориш ва марказдан қочирма насосларни тушириш каби услублар бор.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” ва “Зарубежнефть” ўртасидаub ушбу ҳамкорлик 2018 йилнинг 30 июн куни имзоланган Англашув Меморандумига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бугунги кунда томонлар ушбу ҳужжатга мувофиқ, қўшма гуруҳ ташкил этганлар ва икки компания мутахассислари иштирокида тадқиқот ишларини бошлаб юборганлар.