Тонировка пленкасини ёпиштириш - давлат корхонаси томонидан амалга оширилади

Автомобил ойнасига тонировка пленкаси ёпиштириш - ягона давлат корхонаси томонидан амалга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 авг – Sputnik. Ўзбекистонда автомобил ойнасини тусини ўзгартиришга (тонировка) рухсатнома бериш ва ушбу хизматни қайси корхона томонидан кўрсатилиши маълум бўлди, деб хабар қилмоқда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали.

Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилинишини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Уч кунда тонировка қилишга 45та рухсатнома берилди – ИИББ

Низомга мувофиқ, рухсатнома Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади.

Енгил автотранспорт ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари эса “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизмат кўрсатиш маркази” ДУК томонидан амалга оширилади.

Рухсатнома олиш учун зарур бўладиган маълумотлар ва ҳужжатлар намунаси Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Шунингдек, Низом билан рухсатномани қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, дубликатини бериш тартиблари белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, рухсатнома 1 йил муддатга берилади, эгаси уни амал қилиш муддати тугашидан олдин фойдаланишдан воз кечган тақдирда, тўловнинг қолган қисми қайтарилмайди.