ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. ФВВ Тошкент шаҳрида юз берган кимёвий авария тафсилотлари маълум қилди.
27 август куни соат 21:45 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи-диспетчерига Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги "Чуқурсой" кўчасида жойлашган "Универсал логистик сервис" МЧЖ темир йўл станциясида контейнер ичида темир идишлардаги "Гидросулфат натрия" тутаётганлиги ва ёнаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушди.
Ушбу кимёвий модда станцияга шу йил 20 август куни келиб тушган ва сақланиб келинган.
Вазият бўйича хабар топилганидан сўнг, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар ва Ёнғин ҳавфсизлиги бошқармалари экипажлари биргаликда зудлик билан воқеа жойига этиб боришди ва 28 август куни соат 04:20 гача контейнер ичидаги ҳар бири 54 килограммга тенг бўлган 384 та темир идишлар ташқарига олиб чиқилди.
Олиб чиқилган идишларнинг 109 тасининг бутунлиги бузилганлиги сабабли воқеа жойида зарарсизлантирилди.
Ҳудуд тегишли махсус ўлчов асбоб-анжомлари билан ўрганилди ва ҳавонинг концентрацияси ҳамда радиацион фон меъёрида эканлиги аниқланди.