Москва вилоятида заҳарланган ўзбекистонлик қурувчилар касалхонадан чиқарилди

Москва вилоятининг Котельники шаҳрида 26 нафар ўзбекистонлик қурувчилар заҳарланганди. Улардан бир нафари вафот этди. 23 нафар киши эса шифохонага ётқизилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Ўтган ҳафтада Котельникида заҳарланган барча қурувчилар касалхонадан чиқарилди, деб хабар қилди РИА Новости Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

Москва вилоятининг Котельники шаҳрида 26 нафар ўзбекистонлик қурувчилар заҳарланганди. Улардан бир нафари вафот этди. 23 нафари эса шифохонага ётқизилди.

“Котельникидаги ҳодисада барча жабрланганлар Москва вилояти тиббиёт муассасидан чиқарилди”, - деб таъкидлашди вазирликда.

Ўзбекистонлик муҳожирнинг вафот этиши ҳолати бўйича жинойи иш қўзғатилди. Бундан аввал барча процессуал процедуралар ўтказилгандан сўнг унинг жасади Ўзбекистонга юборилиши ҳақида Sputnikга Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида маълум қилинди.

Заҳарланган қурувчилар “Оранж парк” қурилиш мажмуасида ишлашган. Элчихона маълумотларига кўра, ушбу қурилиш объектда минга яқин муҳожир ишламоқда.