Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашув ўтказишди

Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Бугун, 24 август куни Туркманбоши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевни Туркманистонга ташрифи билан қутлаб, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи мамлакатлари саммити ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Туркманбошига келди

Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислигини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан Туркманистоннинг бу борадаги лойиҳалари ва ташаббуслари бир-бирини тўлдиришини қайд этди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Туркманистон Президентининг жорий йил апрель ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи кўп қиррали алоқаларга янги суръат бахш этиб, уни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Мулоқотда аввал эришилган келишувлар ижросига эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, саноат, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.