Ўзбекистонда робот-полициячилар хизматга киришиши кутилмоқда

Робот-полициячилардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини жиддий хавф-хатардан огоҳлантириш воситаси сифатида фойдаланилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 авг - Sputnik. 2019-2020 йилларда бутун Марказий Осиё минтақасида Россияда ишлаб чиқарилган робот-полициячилар хизматга киришиши кутилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости нашрига Россиянинг Promobot компанияси раҳбари Олег Кивокурцев хабар берган.

Таъкидланишича, 2018 йилнинг июл ойида робот-полициячи Қозоғистон Ички ишлар департаментида хизмат қилишни бошлаган.

Кивокурцевга кўра, энди Ўзбекистонда ҳам шундай амалиёт йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

"Биз ушбу лойиҳани бошқа мамлакатларга ҳам кенг тарғиб қилишни режалаштирмоқдамиз. Ўзбекистон, Яқин Шарқ мамлакатларидан сўровлар келиб тушган, шу боис робот-полициячилар Осиёда пайдо бўлиши мумкин. Жанубий Корея ҳам бу лойиҳага қизиқиш билдирган", - деб айтган Promobot раҳбари агентликка берган интервьюсида.

Генерал-майор Жўраев милиция ходимларининг асосий камчилигини айтди

Кивокурцевнинг сўзларига кўра, роботнинг асосий иши хавф аниқланганда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини огоҳлантиришдан иборат бўлади.

Таъкидланишича, робот 24 соат давомида ҳудудни патрул қилади, видеосъемка ишларини олиб боради, полиция ҳисобида турган жиноятчилар базаси асосида шахслар "юзларини таниш" ишлари билан шуғулланади.

У, шунингдек, "терроризм", "бомба" ва бошқа шу сингари калит сўзларга реакция билдиради ва бу ҳақда ҳам идорага огоҳлантириш йўллайди.

Шунингдек, роботда бармоқ изларини ҳисоблаш функцияси ҳам мавжуд. Шубҳали шахслар аниқланган тақдирда, робот-полициячи жойнинг ўзида шахсни текшириш ишлари билан шуғулланиши мумкинлиги айтилмоқда.