Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуради

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳамда Сарёз кўлида бир нечта жиддий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Sputnik

ТАШКЕНТ, 17 авг – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Тожикистон ҳудудида иккита ГЭС қурилишида иштирок этади, деб маълум қилди журналистларга Кўксаройда ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. 

“Биз бугун, биргаликда, Тожикистон ҳудудида, Зарафшон дарёси бўйида умумий қуввати 320 МВт бўлган иккита ГЭС қуришга тайёрмиз. Гидроэлектростанция қурилиши  - бу жуда жиддий масала. Биз биринчи учрашувдаёқ буни муҳокама қилганмиз. Бугун эса, келинг, истакларимизни аниқлаштирайлик дедик. Эмомали Шарифович халқаро стандартлардан ўтган тайёр лойиҳалар борлигини таъкидлади, ўйлайманки, ушбу лойиҳа бизнинг ҳудудий ҳамкорлигимизда ўта жиддий масала бўлади", - деди Ўзбекистон президенти ОАВ вакиллари олдида қилган баёноти давомида.

Мирзиёевнинг таъкидига кўра, вақтлар ўтади ва бу лойиҳа, албатта ўзининг катта самарасини беради. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Сарез кўлининг чучук сувидан биргаликда фойдаланиш имкониятлари ўрганилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Ўз навбатида, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, чучук сув заҳираси 17 миллиард кубометр бўлган Сарёз кўлининг сувини бутун Марказий Осиё учун ишлатиш масаласи муҳокама қилингани ҳақида гапирди.

“Мен олдин ҳам кўп марта айтганман, хусусан, БМТ минбаридан туриб баёнот қилганман, ҳозир ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман – биз ҳеч қачон ўз қўшниларимизни сувсиз қолдирмаганмиз ва қолдирмаймиз”, - деди Тожикистон етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдин ОАВларда Тожикистон Сарёз кўлининг ичимлик сувини Хитой компаниясига сотиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мутахассислар ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларида сув танқислигига олиб келиши мумкинлигини айтишган эди.