Мустақилликка совға: Ўзбекистон ҳаво йўллари чипталарга чегирмалар эълон қилди

Ҳаво йўллари Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан 30−50 %лик чегирмалар эълон қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 авг - Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК байрам кунлари ички рейсларда чегирмалар эълон қилди. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар қилинган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланадиган кунлар (31 август-4 сентябрь) республика ичидаги барча авиақатновлар чипталарига чегирмалар эълон қилади", - дейилади хабарда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Владивостокка парвозларни йўлга қўяди

Таъкидланишича, якка йўловчиларга 30 %лик, туристик гуруҳлар (беш ва ундан ортиқ киши), 6−15 ёшли болалар, коллеж, лицейлар ўқувчилари ва ОТМлар талабалари, ИИВ, МВ, ДСҚ, ДБҚ ва бошқа маҳкамалар тизимидаги махсус ўқув муассасалари тингловчиларига 40 %лик чегирмалар тақдим этилади.

Икки ва ундан ортиқ кишидан иборат оилалар — эр ва хотин, эр, хотин ва уларнинг 18 ёшгача бўлган болалари; 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота ёки она 50 %лик чегирмадан фойдаланиши мумкин.

Пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, 1941−1945 йиллардаги урушда қатнашганлар ва уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек Чернобиль АЭС фожиаси оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахсларга ҳам 50 %лик чегирмалар тақдим этилади.