Тошкентдаги тунги клубда юз берган пичоқбозлик оқибатида ММА жангчиси вафот этди

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. 8 августдан 9 августга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клуби олдида жанжал оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, ММА жангчиси Жамшид Кенжаев вафот этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Мурод Хонтўраев нега қўлга олингани маълум бўлди

Хабарда айтилишича, 25 ёшли Жамшид Кенжаев пичоқ билан клубга киришга уринган. Қўриқчилар бунга йўл қўймагани учун Жамшид улардан бирига пичоқ билан зарба берган. Сўнг меҳмон ва қўриқчи ўртасида жанжал чиққан. Натижада Жамшид кўплаб тан жароҳати олган ва шифохонада вафот этган.

Жамшидга тан жароҳатлари етказишда айбланиб, муассасанинг уч нафар ходими - 24 ёшли Саидазим К., 29 ёшли Шодали К. ва 26 ёшли Жаҳонгир Я. ҳибсга олинган. Клуб қўриқчиси бўлиб ишловчи, ҳодисанинг икки нафар иштирокчиси 41 ёшли Шерали И. ва Абдурасул М. олган жароҳатлари натижасида ҳозирда шифохонада қолмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Июнь ойида яна бир ММА жангчиси Мурод Хонтўраев Юнусободдаги тунги клублардан бирида пичоқланганди. Кэйинроқ бу иш бўйича Хонтўраевнинг ўзи қамоққа олинганди.