Озодбек Назарбеков "Ўзбекконцерт" ҳақида: номи ўзгарди, холос

"Ўзбекконцерт" фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади. Халқ артистининг айтишича, "Ўзбекконцерт"ни давлат миқёсидаги давлат тадбирлари: тантанали тадбирлар, тўйларнинг ғоявий томонларини назорат қиладиган муассасага айлантириш режалаштирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. "Ўзбекконцерт" фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади, деди журналистларга чоршанба куни Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков.

"Унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради": Мирзиёев хонандаларни танқид қилди

Назарбековнинг сўзларига кўра, "Ўзбекнаво" – "Ўзбекконцерт" этиб ўзгартирилганидан кейин, муассаса номини айтмаганда, ҳеч нима ўзгармаган. Ташкилот фаолияти ёки ички низомида ўзгариш бўлмаган, шу боис ташкилот" фаолиятини тубдан такомиллаштириш, қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

"Ҳозир олдимизда бир муаммо турибди. Хабарингиз бор, бизда филармония қайта ташкил қилинди. Шу филармония фаолияти билан “Ўзбекконцерт” фаолияти бир-бирини такрорлаб қўйиши мумкин. Шу маънода, "Ўзбекконцерт" вазифаларини аниқ қилиб белгилаш учун, унинг ички Низомини қайта кўриб чиқиб, бошқатдан шакллантириш масаласи пайдо бўлди", - деди Назарбеков.

Халқ артистининг айтишича, муассаса номидан келиб чиқиб, "Ўзбекконцерт"ни давлат миқёсидаги давлат тадбирлари: тантанали тадбирлар, тўйлар билан боғлиқ тадбирлар(тўйларни тартибга солиш яъни тўйларнинг ғоявий томонларини назоратга олиш)ни ўтказиш билан шуғулланадиган муассасага айлантириш режалаштирилмоқда.

"Ўзбекконцерт"нинг янги қарори Facebook аҳлини таажжубга солди

"Ташкилотнинг бунга имкони етади. Чунки санъаткорлар бевосита шу ташкилот ресурси ҳисоблангандан кейин, бу ҳам мантиқан тўғри бўлади. Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланса, "Ўзбекконцерт"нинг вазифалари аниқ мавжуд бўлади", - деб таъкидлади Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 август куни Тошкентдаги Миллий матбуот-марказида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги йўналишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.