Москва мэрлигига номзод мигрантларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга ваъда берди

У шунингдек, Москва ҳисобига уларнинг юртларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни пойтахтга жўнатиш учун логистика марказлари қуриш мўлжалланганлигини билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. Москва мэрлигига номзод, ЛДПР депутати Михаил Дегтярев сайловларда ғалаба қозонгудек бўлса, меҳнат мигрантлари учун ўз ватанларида иш ўринларини яратишга ваъда берди.

"Мен Осиё, Марказий Осиё, Арманистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи фермалар билан келгуси йили москваликлар кафолатли равишда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишлари учун қатъий шартномалар тузаман. Мэр сифатида сизларга ўз ватанларингизда иш ўрни яратишга кафолат бераман – москваликлар учун фойдали бўлган барча нарса: мевалар, сабзавотлар, гўшт маҳсулотларини сотиб оламиз. Москва ҳар йили шу даражада кўп озиқ-овқат сотиб оладики, бу Марказий Осиёдаги республикалар, Молдавия, Арманистондаги барча қишлоқ хўжаликларини тўхтовсиз ишлаши учун етади", - Дегтярев меҳнат мигрантлари билан учрашувда.

У шунингдек, Москва ҳисобига уларнинг юртларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни пойтахтга жўнатиш учун логистика марказлари қуриш мўлжалланганлигини билдирди. Номзод Россия пойтахти юқори малакали меҳнат мигрантларига муҳтож эканлигини таъкидлади.

"Биз Марказий Осиё республикалари, Молдавия, Украина ва бошқа давлатлардан келганларнинг фарзандларини ўқитишга тайёрмиз. Меҳнат мигрантлари, юқори малакали мутахассислар Москвага зарур…" – деди у.

Ҳозирда пойтахт мэрлигига номзод сифатида беш киши рўйхатга олинган – улар амалдаги мэр Сергей Собянин, Таганский округи раҳбари Илья Свиридов, давлат думаси депутати Михаил Дегтярев, давлат думасининг собиқ депутати Вадим Кумин ҳамда СУ-155 эгаси Михаил Балакин.