Тошкент метро бекатларида умумий ҳожатхоналар ташкил қилиш таклиф этилди

"Оддий ҳожатхоналар билан бирга чақалоқларни йўргаклаш хоналари, имконияти чекланган кишилар учун махсус ҳожатхоналар барпо этилса, нур устига аъло нур бўлар эди”, — дейилган мурожаатда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига Тошкент метро бекатлари ва бошқа жамоат жойларида умумий ҳожатхоналарни ташкил қилиш ҳақидаги мурожаат жойлаштирилди.

Тошкентда автоматлашган жамоат ҳожатхоналари ўрнатиш режалаштирилмоқда

Таклиф ҳукуматга киритилиши учун ушбу мурожаат 5000 та овоз тўплаши керак. Мурожаатга ҳозирча 134 та овоз берилган, овоз бериш тугашига эса 90 кун бор.

“Бугунги кунда пойтахтимиз аҳолиси кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бироқ жамоат жойларида умумий ҳожатхоналарни ташкил қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Замонавий талабларга жавоб берадиган ҳожатхоналар барпо қилиш нафақат халқимиз учун, балки юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларимиз учун ҳам қулайлик яратади. Ёши улуғ кишилар, болалар ва беморлар бу борада зарурат туғилганда анчагина ноқулай аҳволда қолишади. Оддий ҳожатхоналар билан бирга хорижий давлатларга ўхшаб чақалоқларни йўргаклаш хоналари, имконияти чекланган кишилар учун махсус ҳожатхоналар барпо этилса, нур устига аъло нур бўлар эди”, — дейилади мурожаат матнида.

Ҳожатхоналарни биринчи навбатда метро бекатларида қуришдан бошлаш, уларни ҳар бир бекатнинг ҳар икки чиқиш тарафига қуриш таклиф этилган.

“Метро бекатларидан ташқари бошқа жамоат жойларида ҳам шундай типдаги ҳожатхоналар қуриш мумкин. Ҳожатхоналарни кўпайтириш билан бирга уларда хизмат кўрсатиш сифатига, санитария-гигиена ҳолатига қаттиқ эътибор бериш лозим”, — деб қўшимча қилинган мурожаатда.