Тонировкага ҳали рухсат йўқ: Тошкент шаҳар ИИББ сабабларини маълум қилди

Давлат стандарти нормаларига мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланган ҳайдовчилар жаримага тортилади.
Sputnik

 

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ автомобиль ойналарини пулли асосда қорайтиришга ҳали рухсат берилмаганини эслатди.

Тонировка турли мамлакатларда неча пул туради

2018 йил 18 июл куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Дарҳақиқат, ушбу қарорда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Тошкент ИИББ томонидан хулоса қилишга шошмаган ҳолда, қарорнинг кейинги бандларида белгиланган вазифаларга ҳам эътибор қаратиш сўралган.

Хусусан, қарорнинг 4-бандида енгил автотранспорт воситалари ойналарининг қорайтириш бўйича давлат стандартлари ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, бунинг учун ИИВ ва “Ўзстандарт” агентлигига бир ой муддат берилган.

Шунингдек, енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилишини бекор қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ойналарининг туси рухсатномасиз ўзгартирилган енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш вазифаси ҳам белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, бир ой муддатда хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш талаб этилади.

Ўзбекистонда "тонировка" масаласида қарор қабул қилинди

Демак, ана шу босқичлар яъни қорайтирилган ойналардан фойдаланишга оид механизм тўлиқ ишлаб чиқилмагунга қадар енгил автотранспорт воситаларининг ойналарини қорайтириш ноқонуний ҳисобланади. Енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см.дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартириш (қорайтириш) бундан мустасно, зеро бунинг учун рухсатнома талаб этилмайди.

“Давлат стандарти нормаларига мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланган ҳайдовчилар Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига мувофиқ, жаримага тортилишини маълум қиламиз”, - дейилган Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.  

Жорий йилнинг биринчи ярмида ЙПХ инспекторлари томонидан 1078 та ана шундай қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган ва чоралар кўрилган.