Ҳокимлик Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ТВда кўрсатмаслик тўғрисидаги хабар ёлғонлигини билдирди

Ижтимоий тармоқларда гўёки Миллий телерадиокомпания раҳбарияти Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир  Ортиқхўжаевни телевидение орқали кўрсатилмаслик тўғрисида топшириқ олганлиги ҳақида хабар тарқалган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 авг – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда гўёки Миллий телерадиокомпания раҳбарияти Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир  Ортиқхўжаевни телевидение орқали кўрсатилмаслик тўғрисида топшириқ олганлиги ҳақида тарқалган хабар ҳақиқатдан йироқ эканлигини расман баён этди.

Ҳокимлик матбуот хизматининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида билдирилишича, Тошкент шаҳар ҳокими иштирокидаги лавҳа ёки мақолаларни оммавий ахборот воситаларида кўрсатишга ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмас.

“Шу сабаб, Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ёлғон маълумотларга эътибор бермасликларини сўрайди. Боз устига, ушбу маълумот “фейк” (ҳақиқий эгаси кимлиги номаълум) аккаунтдан тарқатилмоқда”, дейилади баёнотда.