Ўзбекистонлик талабалар икки карра Халқаро математика олимпиадаси совриндори бўлишди

Дунёнинг 100га яқин олий ўқув юртларидан 351 нафар талаба иштирок этган олимпиада 22—28-июл кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 авг – Sputnik. Талабалар ўртасидаги 25-халқаро математика олимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик тўрт нафар  талаба 2 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дунёнинг 100га яқин олий ўқув юртларидан 351 нафар талаба иштирок этган олимпиада 22—28-июл кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтди.

Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМга имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади

Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 4-босқич талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар олтин медаллар (1-даражали диплом), Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети механик муҳандислик факультети 3-босқич талабаси Фаррух Мухаммадиев ва Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 1-босқич талабаси Толибжон Исмоиловлар эса бронза медаллар (3-даражали диплом) билан тақдирланди. Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар 2017 йилги талабалар ўртасидаги 24-халқаро математика олимпиадасида ҳам олтин медалларни қўлга киритишган.

Талабалар ўртасидаги энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси ҳисобланган ушбу мусобақа 1994 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Олимпиадада қатнашчиларга икки кун давомида Алгебра (чизиқли ва абстракт), Анализ (ҳақиқий ва комплекс), Геометрия ва Комбинаторика соҳаларидан масалалар берилади ва улардан ечимларини инглиз тилида тақдим этишлари талаб этилади. Олимпиададан сўнг қатнашчиларнинг ёзма ишлари жамоа раҳбари томонидан ҳимоя қилинади ва баллар тўпланади.