Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига қабул қилиш тартиби тасдиқланди

Университет бакалавриатига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ҳукумат қарори билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар қилди.

Абдувахитов Дипломатия университетига ректор этиб тайинланди

Низомга мувофиқ, университет бакалавриатига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади: дастлабки имтиҳон (ёзма) ҳамда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари орқали.

Ёзма имтиҳон ҳар йили университет қабул комиссияси томонидан белгиланадиган муддатларда ташкил этилади. Унинг қачон ўтказилиши камида 10 кун аввал университет расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, абитуриентлар билан суҳбатлашиш, дастлабки имтиҳонни топшириш жараёни видео ва аудио тизимлар ёрдамида ёзиб олинади.

Ёзма имтиҳон уч саволдан иборат бўлиб, абитуриентга иккинчи босқичга – кириш тест синовларига рухсат берилиши учун барча саволлар бўйича умумий балл миқдорининг камида 50 фоизини тўплаши зарур, яъни 50 балл. 

Хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларнинг (IELTS, TOEFL ва ҳ.к.) минимал даражасига эга бўлган абитуриентларга максимал балл берилади ҳамда улар ушбу фан бўйича кириш имтиҳонларидан озод этилади.

Шунингдек, низомда университет магистратурасига қабул қилиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, магистратура мутахассисликлари бўйича ўқиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади.