ИШИД Тожикистонда туристларга қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Душанба куни туристларга ҳужум қилишда қатнашган уч жиноятчи қуролли қаршилик кўрсатиш чоғида йўқ қилинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 июл – Sputnik. "Ислом давлати" террорчилик гуруҳи Тожикистонда хорижлик туристларга қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Тожикистон ИИВ раҳбари сайёҳларга қуролланган ҳужум уюштирилганини тан олди

Бу ҳақда экстремистларнинг информацион фаоллиги мониторингини олиб борувчи Американинг SITE Intelligence Group компанияси маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Аввалроқ Тожикистон ИИВ матбуот хизмати 29 июл куни Хатлон вилоятининг Данғара туманида автомобилда уюштирилган ҳужум оқибатида мамлакат бўйлаб велосипедда сайр қилиб юрган тўрт нафар хорижлик турист - икки нафар АҚШ фуқароси, Нидерландия ва Швейцария фуқароси ҳалок бўлганини хабар қилганди. Уч нафар хорижлик турист эса жароҳатланган.

Душанба куни туристларга ҳужум қилишда қатнашган уч жиноятчи қуролли қаршилик кўрсатиш чоғида йўқ қилинган. Ҳужумга алоқадорликда гумонланиб яна бир неча киши қўлга олинган.